ТАҲЛИЛ, ТАҚҚОС ВА ИСТИҚБОЛ

   Самарқанд вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгашиннг навбатдаги раёсат йиғилишида 2016 йилда амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги вазифалар муҳокама этилди.

        Инсон манфати, унинг меҳнати, ҳаётий шарт – шароитлари касаба уюшмалари амалга ошириб келаётган ишларда янада тўлароқ акс этиб келмоқда. Меҳнаткашларнинг бирон бир вакили  жамоат ташкилотининг назаридан четда қолмаётир. Ўтган йил мобайнида вилоятда амалда бўлган ҳудудий келишув, тараф келишувлари ҳамда жамоа шартномалари орқали меҳнаткашларнинг барча қатламига ижтимоий, иқтисодий маънавий-ҳуқуқий кўмак кўрсатилди.

    Тезкор замонамизда янгидан –янги саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари ишга туширилаётир. Бу даргоҳларда минглаб одамларнинг иш билан бандлиги  таъминланаётир, янги мутахассислик сир асрорларини ўрганаётир. Касаба уюшмалари ана шундай меҳнат жамоаларида хизмат қилаётган ходимлар манфаатини ҳимоялаш, уларга кафолатланган иш шароитлари яратиш ҳаракатида бўлмоқда. Вилоят касаба уюшма ташкилотлари сайи-ҳаракати билан ўтган бир йилда 1770 та ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлади. Ижтимоий шерикчилик асосида бу ерда меҳнат қилаётган 11923 нафар ишловчилар манфаати ҳимоя этилмоқда.

     Меҳнаткашлар муаммоларини ҳал этиш, муносиб меҳнат шароити яратиш, ҳаётий муаммоларини кўтаришдаги ишлар ҳам янги босқичга кўтарилди. Бир йил мобайнида 1432 тага яқин мурожаатлар қабул қилиниб уларнинг 1034 таси касаба уюшмалари томонидан ҳал этилди. Қолганлари ҳам ҳуқуқий асосларда қаноатлантирилди. Жойларда барча тармоқлар ҳамкорликда ўтказиб келаётган жамоатчилик қабуллари, кенгаш қошида ташкил этилган, бепул хизмат кўрсатадиган “ Юридик килиника” муттасил муаммоларни ҳал этиш, фуқароларни қизиқтирган барча масалаларга ойдинлик киритиш вазифасини ўтаб келмоқда.

      Иш берувчилар билан олиб борилган самарали мулоқотлар асосида меҳнаткашларнинг 54 нафардан ортиқ олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талаба фарзандларининг тўлов контракт пулларининг бир қисми қоплаб берилди. 257 та корхонада олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларининг касбий кўникмаси оширилди. Бу йўналишда хизмат қилган 314 нафар устоз- мураббийлар рағбатлантирилди. Кам таъминланган оилаларнинг 33 нафар талаба қизларига бир марталик касаба уюшмалари стипендиялари тўлаб берилди. Турли меҳнат жамоаларида хизмат қилаётган 153849 нафар аёллар иш берувчилар ҳисобидан такрорий тиббий кўрикдан

ўтказилди.

    Ходимлар саломатлигини мустаҳкамлаш, сиҳатгоҳларда дам олдириш сифат жиҳатдан ҳам сон жиҳатидан кескин юксалди. Хизматда катта мувваффақиятларга эришган  ходимлар бепул йўлланмалар билан таъминланди. Меҳнаткашлар ўртасида ички туризм йўналишида тизимли саёҳатлар ташкил этиш амалиётга жорий этилди.

      Раёсат йиғилиши кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

 

Самарқанд вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши матбуот хизмати.

 

 

 

 

Print Friendly, PDF & Email