БЕКАГА КЎМАКЧИ, ХОНАДОНГА КЎРК

Самарқандда ҳам Президентимизнинг “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар замонавий газ плиталарининг навбатдаги босқичи етказиб берилмоқда.
Давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларининг уйма – уй юриши туфайли оилалардаги ички муаммолар, ҳеч кимга айтилмаган дардлар юзага чиқаётир. Қишлоқдаги катта муаммолардан бири, бу табиий газга бўлган эҳтиёждир. Гарчанд давлатимиз томонидан аҳолининг кенг қатлами арзонлаштирилган балонли газ билан таъминланаётган бўлсада, айрим фуқароларимиз бу имкониятдан бебаҳра қолаётганлиги ойдинлаштирилган. Юқоридаги қарор асосида бундайларга газ плиталари ва газ балонлари бепул етказиб берилмоқда.
-Ҳаётда беш қўл баробар эмас экан. Тақдирнинг синови туфайли рўзғордаги баъзи камчиликларни бартараф этишга қурбимиз келмаётганди, – дейди Булунғур туман Исори Ўроқли маҳалласида яшовчи Кумуш Мамаражабова. – Давлатимиз раҳбари томонидан ажратилган замонавий газ плитаси ва балонини бутун анжомлари билан бизга топширишганида кўзларимдан ёш сизиб чиқди. Ўчоққа ўтин қалашдек ғалвадан қутулдик. Халқимизда, қорнимга эмас, қадримга йиғлайман, дея топиб айтилган гап бор. Биз мунглиқларни, ўйлаб қилинган беҳад савобли ишдан кўнглимиз тоғдек кўтарилди.
Қарор доирасида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар уйларини таъмирлаш, турли дарддан азият чекаётган сурункали бемор инсонларни соғломлаштириш ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Жорий йилда турли дардга чалинган 96 нафар шифоталаб инсонларни соғломлаштириш учун 384 миллион сўм миқдоридаги маблағ ажартилган.
-Кўп йиллар мобайнида юрак етишмовчилиги дардидан азият чекиб келаман, – дейди Пайариқ туманида яшовчи Инобат Ҳасанова. – Соғайиш учун кўп ҳаракат қилдим. Аммо моддий имкониятимиз муфассал муолажа олишни кўтармаётган эди. Давлатимиз томонидан ажратилган имтиёздан фойдаланиш насиб этди. Мени тузатиш учун касаба уюшмалари томонидан 4 миллион сўм миқдоридаги маблағ вилоят кардиология марказига ўтказиб берилди. У ерда муфассал муолажа олдим. Ўзимни анча бардам ҳис этаяпман. Шу билан зора дарддан фориғ бўлиб кетсам. Инсон қадр топган диёримизга астойдил хизмат қилишни дилимга тукканман.

Б.Турабов

 

Print Friendly, PDF & Email