СЎЛИМ БОҒЛАР ҚЎЙНИДА

           Миронкўл табиати, сўлим боғлари, ўйноқи жилғалари кишини ўзига тортмасдан қолмайди. Бу ҳудуда жойлашган “Учқун” оромгоҳида ҳар йили меҳнаткашларнинг 400 нафарга яқин фарзандлари ўзларининг ёзги таътил кунларини ўтказишади.

          Бу йилги мавсумга алоҳида ҳозирлик кўрилди. Самарқанд туман ҳокимлиги, ҳомий ташкилотлар томонидан мавжуд бино ва иншоатлар муддатидан олдин таъмирдан чиқарилди. Спорт майдончалари, чўмилиш ҳавзалари тахт ҳолга келтирилди. Оромгоҳ ошхонаси, тиббиёт хонаси, кутубхона ва ўқув залларида кенгмиқёсли тадбирлар амалга оширилди. Ҳудуддаги мевали ва манзарали дарахтларга шакл берилиб, гулу-гулзорлар яратилган. Мана бир неча кундирки туман меҳнаткашларининг 120 нафардан ортиқ фарзандлари ҳордиқ жараёнларини бошлаб юборишган.

         – Болажонлар учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган, – дейди оромгоҳ раҳбари  Акбар Олимов.- Бу йил ётоқхона ва ошхона жихозлари янгиланди. Сифатли таъмирланган ошхонамизда махсус таомнома асосида турли овқатлар тайёрлаш имкони бор. Дастурхонимизда ёз неъматлари сероб. Етакчи ва тарбиячиларимизни кўрик асосида танлаб олганмиз. Дам олиш кундалик дастур асосида ташкил этилмоқда.

         Оромгоҳда ҳафтанинг муайян кунларида турли хил маданий тадбирлар ташкил этиш режаси ишлаб чиқилган. Туман маданият бўлими томонидан ҳафтанинг муайян кунларида маданий тадбирлар ташкил этиб келинмоқда. Энг ҳаяжонлиси, оромгоҳнинг очилишига бағишланган тадбир мусиқа ва шеърият кечасига айланиб кетди. Анънавий гулхан болажонларнинг энг севимли тадбирларидан бирига айланган. Дам олувчилар учун еттарлича китоб фондига эга кутубхона фаолият кўрсатиб турибди. Туман таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси томонидан ҳам ўқув масканига турли хилдаги янги нашрдан чиққан адабиётлар туфҳа этилибди. Касаба уюшмалари сайи ҳаракати билан оромгоҳлар аро китоб айланиши йўлга қўйилган.

           -Оромгоҳда икинчи йил дам олишим, – дейди Самарқанд туманидаги 6 мактаб ўқувчиси Нилуфарой.- Бу ерда кўплаб дўстлар орттирганман. Ўтган ёзда танишган дугоналаримнинг бир қисми билан бу йил яна биргаликда дам олаяпмиз. Улар билан ўтган бир йил давомида ўқиш ва ҳаётимизда рўй берган ўзгаришлар хусусида суҳбатлашдик. Хуллас янгилик кўп.

         Бу йил вилоятдаги 24 та шаҳар ташқарисидаги оромгоҳларда меҳнаткашларнинг 11200 нафар фарзандларини дам олдириш режалаштирлган. Айни чоғда “Ибн Сино” номли, “Фарход”,”Соҳибкор”, “Қувноқ”, “Шифокор гулшани”, “Хумор” оромгоҳларида 650 га яқин ўқувчилар дам олишни бошлаб юбордилар.

Бирлашма кенгаши матбуот хизмати.

Print Friendly, PDF & Email