Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида Ўзбекистон республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тантанали тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов маъруза қилди.
Шундан сўнг, жамиятимизда маҳалла институтининг ўрни ва ролини кучайтирш, жойларда маънавий муҳитни таъминлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб қувватлаш, кенг қамровли профилактик тадбирлар ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, фуқаролар йиғини моддий техника базасини ривожлантириш ишларига муносиб улуш қўшган бир гуруҳ жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари ва оқсақолларига “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони тантанали тарзда топширилди.
-Ҳудудимизда 3,5 минг нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди мукофот соҳибларидан бири, Булунғур туман Янгиобод маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гулсара Усмонова. – Зиммамиздаги масъулият боис аҳолининг барча ташвишлари, фикру – ўйларига шеримиз. Қишлоқдаги 6 та кам таъминланган оилалар, 8 нафар ногиронлар истиқомат қилаётган хонадонлар оғирини енгил қилиш, улар муаммоларида кўмаклашишни ўз бурчимизга айлантирганмиз.
-Давлатимизнинг юксак бу мукофотини, камтарин меҳнатимизга берилган юксак баҳо, деб қабул қилдик, – дейди Самарқанд шаҳридаги Боғи баланд маҳалла фуқаролар йиғини раиси Олимжон Абдусаломов, – Аслини олганда, оқсақоллик амал эмас, балки катта масъулиятни зиммага олиш демакдир. Бу ишнинг ўзига яраша ташвиши, захмати бор. Аммо элимизнинг, давлатимизнинг ишончи бизга ҳамиша битмас туганмас куч бағишлаб келаётир.
-Мен таълим тизимида меҳнат қилсамда, маҳалланинг юмушидан сира ўзимни олиб қочмайман, – дейди Каттақўрғон туман Ингичка шаҳарчасида яшовчи фуқаро Наталия Николаева. – Маҳалла умумий уйимиз. Бу гўшада истиқомат қилаётганларга гард тегса юрагимиз оғрийди. Шу боис ҳам муқаддас қўрғонимизни кўз қорачиғидек асрамоғимиз зарур.
Самарқандлик маҳалла фаолларидан 38 нафари давлатимиз эътирофига эришди. Мукофотни, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, Ўзбекистон республикаси Бош вазири ўринбосари, республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши бўлим мудири Шуҳрат Деҳқоновалар тантанали тарзда топширишди.
Йиғилганлар, Бош қомусимиз қабул қилинган кун шарафига бағишлаб тайёрланган байрам дастурини томоша қилишди.
Нурилла Шамсиев.

Spelling error report
The following text will be sent to our editors: